Ўзбекистон янгиликлари

Бугунги имом қандай бўлиши керак?

Шу йил 13 июль куни пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжидида "Бугунги имом қандай бўлиши керак?" мавзусида имом-хатиблар учун маънавият соати бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имомлар қатнашган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳор домла Юнусов олиб борди.

– Бугунги имом – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг меросхўрлари, дин ходимларидир, – деди Абдуқаҳҳор домла Юунсов. – Халқимизнинг диний эҳтиёжлари кун сайин ошиб, савияси юксалиб боряпти. Улар билан тенгма-тенг мулоқот қилиш, ўз ортидан эргаштириш учун, албатта, имом етарлича билим ва малакага эга бўлиши керак. Бунинг учун имом замон билан ҳамнафас бўлиб, ўзининг касбий маҳоратини ошириб бориши, сўнгги  фатволардан хабардор бўлиши, кўпроқ диний-маърифий, бадиий ва турли адабиётлар мутолаа қилиши даркор. Имомнинг илмий салоҳияти, нотиқлиги юқори бўлса, қавмнинг ҳам ҳурмати, меҳр-муҳаббати шунга яраша бўлади.

 Агар сутга бир қил тушса, дарров кўзга ташланади. Имомлик ҳам  шундай: биргина доғ барчага намоён бўлади. Шарафли касбни  оқлаш учун  меҳробнинг  масъулиятини ҳис қилиши керак. Чунки имомлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос. Ҳар бир имом доим шуни ёдда тутиб, фаолият юритиши лозим. “Агар Расулуллоҳ ҳаёт бўлганларида, у кишининг атрофида қандай жамланган бўлар эдик?”, “У зот имом бўлиб турса, ўзимизни қандай тутардик?” Мана шу саволларни ҳар бир имом ўзига бериши керак.

Маънавият соати сўнгида имомларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

1088 марта ўқилди

Янгиликлар

Top