Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоғистондаги “Халқ” жоме масжиди фойдаланишга топширилди

Шу йилнинг 7 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида жойлашган “Халқ” жоме масжиди биноси қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов, туман ҳокими Жамбул Адилов ҳамда имом-хатиблар ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан қози Шамсуддин домла Баҳауаддинов масжид қавмини янги иншоот билан муборакбод этиб, юртимиздаги барча хайрли ишлар Ҳақ таолонинг марҳамати энг улуғ неъмати экани таъкидлаб, унинг қадрига етиш ҳар кимнинг бурчи эканини қайд этди.

Маросим давомида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳомийлик қилганлар ва қурувчилар ҳаққига дуолар қилинди.

Маълумот учун, мажмуанинг таъмирлаш ишлари 2018 йилда бошланиб 2023 йил биринчи ярмида якунига етди. Айни пайтда умумий майдони 1 гектардан зиёд бўлган масжид ҳудудида хонақоҳ, таҳоратхона, омборхона, хизмат уйи ва катта боғ ўрин олган.

Хонақоҳ ва айвон 200 кишига мўлжалланган, аёллар намозхонаси эса 100 кишилик. Иккита 8 метрли минора, баландлиги 4 метр ва айланаси 6 метр бўлган гумбаз масжид маҳобатига кўрк бағишлаб турибди. Масжидда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароитлар ҳозирланган.

Масжид ҳудуддаги 8 та, жумладан, "Тахтакўпир", "Айдин жол", "Караой", "Озбекстан" , "А.Адилов" , "Дауир", "Гарезсизлик" маҳаллаларига хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1092 марта ўқилди

Янгиликлар

Top