Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар Иорданияда малака оширмоқда

Шу йилнинг 20 июль куни Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжонов ва Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” масжиди имом-хатиби Исомиддин домла Шамсиддинов Иордания Вақфлар, исломий ишлар ва қадамжолар вазирлиги таклифига биноан мазкур мамлакатга малака ошириш учун жўнаб кетган эди. Имом домлалар айни пайтда воиз ва хатиблар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга қаратилган халқаро илмий семинарда иштирок этмоқда.

Мазкур семинар жорий йилнинг 27 июлига қадар Подшоҳ Абдуллоҳ II институтида бўлиб ўтади. Унда бутун мусулмон юртларидан араб тилини биладиган имом-хатиб ва воизлар қатнашади.

Маълумот учун, мазкур семинар 2004 йилдан буён ҳар уч ойда бир маротаба ўтказилади. Илмий ўқувлар давомида инсонлар орасида илму маърифатни кенг ёйиш, ёт ғояларга маърифат билан курашиш ва шу каби долзарб мавзуларда маърузалар ўқилади. Шунингдек, дунёда бўлаётган янгилик ва ўзгаришлар таништирилади ва иштирокчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

Сафар давомида Иорданиянинг қадимий-тарихий жойларига зиёратлар уюштирилиб, бу ўлканинг маданий ва маънавий мероси билан яқиндан танишилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1109 марта ўқилди

Янгиликлар

Top