Ўзбекистон янгиликлари

Англашув меморандуми имзоланди

2023 йилнинг 1 август куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев ва БААнинг Экстрeмизм ва зўравон экстрeмизмга қарши курашиш бўйича “Ҳидоя” халқаро тадқиқот маркази ижрочи директори Аҳмад Ал-Қосимий ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Дастлаб С.Тошбоев Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада шу кунга қадар амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва соҳа истиқболлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида Президентимиз ташаббуси билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги йўналишида ҳам кўплаб янгиликлар, шароитлар, қулайликлар яратиб берилаётганини айтиб ўтди.

Фуқароларимизнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва ақидапарастликка қарши кураш борасида БАА билан ҳамкорлик ўзининг ижобий натижаларини беришини айтиб, Дин ишлари бўйича қўмита ва “Ҳидоя” маркази ўртасида ўзаро делегациялар ташрифлари, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишни олдини олиш, виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик мавзуларида турли тадбирларни биргаликда ўтказилиши, соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан тажриба алмашиш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолаётганини урғулади.

Ўз ўрнида “Ҳидоя” маркази директори Аҳмад Ал-Қосимий бугунги самимий учрашув учун Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятига қолаверса, мутасаддиларга ўзининг самимий миннатдорлигини изҳор қилди. Аҳмад Ал-Қосимий ривожланиб бораётган БАА ва Ўзбекистон муносабатларини юқори баҳолади ҳамда бу соҳада илк бор бўлиб ўтаётган бундай учрашув ўз самарасини беришини билдирди. Шунингдек, у икки томонлама ҳамкорликка оид Англашув меморандумининг имзоланиши икки мамлакат ўртасида диний-маърифий соҳадаги муштарак алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшишини хусусан, глобаллашув даврида турли ёт ғояларга ҳамкорликда курашиш, тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш ҳамда ижобий натижалар кўрсатишни алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг, томонлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш тадбири бўлиб ўтди. Тадбир якунида истиқболдаги режалар, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўллари ҳамда натижада ижобий кўрсаткичларга эришиш мақсадлари келишиб олинди.

Онлайн учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

759 марта ўқилди

Янгиликлар

Top