Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Нуриддин Холиқназар: Ҳар бир масжидда кутубхона бўлиши халқимиз маърифатини оширади

Шу йил 22 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сафарлари давомида Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” масжидига ҳуфтон намозига ташриф буюриб, жамоат намозидан олдин жомега йиғилган мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб бердилар.

Мазмунли суҳбат давомида Муфтий ҳазратлари намозхонларга Бухорои шариф буюк уламоларни етиштиргани, айни кунларда ҳам ушбу анъана давом этаётгани, яъни ушбу юртда 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий ва ўрта махсус мадрасалари фаолият юритаётгани, бу ердан алломалар етишиб чиққани, ўзлари ҳам шу ерда таълим олишга мушарраф бўлганлари, айни пайтда юртимизда фаолият юритаётган қарийб 220 нафар бош имом-хатиб мазкур даргоҳда билим-малакаларини ошираётганини таъкидладилар.

Шунингдек, Шайх ҳазратлари илмнинг аҳамияти, олимнинг мақоми, силаи раҳм, етим ва бева-бечораларга яхшилик қилиш ва ўзаро биродар бўлиб яшаш ҳақида ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва улуғлар ибратлари асосида тушунтириб бердилар.

Шайх ҳазратлари “Дилкушо” масжидининг янги биносини кўздан кечириш асносида бу ердаги замонавий кутубхона фаолияти билан танишиб, бениҳоя хурсанд бўлдилар ва ҳар бир масжид ана шундай маърифат масканига айланиши лозимлиги, бу намозхонларнинг саводхонлигини оширишда жуда муҳим эканини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, мустабид даврида Бухорода 4-5 та бўлган масжидлар бугунги кунда 107 тага етгани, уларда мўмин-мусулмонларга барча шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Маълумот ўрнида "Дилкушо" масжиди янги биносида бошқа масжидларда учрамайдиган икки хусусият – масжид гумбазининг ўзига хос, ноанъанавий услубда барпо этилгани ҳамда жоме деворларида ноёб қурилиш ашёлари билан битилгани, нодир настаълиқ хатидаги гўзал ҳуснихат намуналари борлиги билан аҳамиятлидир.

Масжид хонақоҳи ва айвонига 1500 нафар номозхонни ўз бағрига олади. Айни пайтда жомеда намозхонлар ибодатларини бекаму кўст адо этишлари учун барча қулайлик ва шароитлар ҳозирланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

876 марта ўқилди

Янгиликлар

Top