Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа ходимлари кўкрак нишони билан тақдирланди

Шу йил 30 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида она Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами арафасида бир гуруҳ диний соҳа ходимларига "Ватаннинг садоқатли фарзандлари – фидоий инсон” кўкрак нишонларини топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Йиғилиш Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков йиғилганларни Ватанимиз истиқлолининг 32 йиллиги билан муборакбод этиб, мазкур давр мобайнида диёримиз мустақил давлат сифатида дунёга юз тутгани, улкан ислоҳотлар амалга оширилгани, хусусан, диний соҳада ҳам кўплаб хайрли ишлар қилинганини эътироф этди. Шунингдек, Ҳомиджон домла энг улуғ энг азиз байрам арафасида “Ватаннинг садоқатли фарзандлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан бир гуруҳ диний соҳа ходимларининг фидокорона хизматларини қадрланиб, кўкрак нишон билан тақдирланганини маълум қилди.

Сўнг сўзга чиққан “Ватаннинг садоқатли фарзандлари” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Лочинбек Омонов иштирокчиларни улуғ шодиёна билан табриклади. Шу билан бирга, халқимиз маърифатини юксалтириш, ёшларимизни тўғри йўлга бошлаш, Ватанимиз тараққиётига қўшаётган катта ҳиссаси ва фидокорона хизматлари учун бир гуруҳ диний соҳа ходимлари “Ватаннинг садоқатли фарзандлари – фидоий инсон” кўкрак нишони билан тақдирланганини билдирди. Унда қуйидагилар:
– Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамрақулов
– Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Ҳайдаров
– Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Дилмурод Раҳимов
– Яккасарой тумани “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Тошанов
– Тошкент шаҳри “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров
– Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Фарҳод Жўраев
– Андижон вилояти “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Раҳматуллоҳ Умаров
– Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Шуҳрат Қодиров кабилар кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир асносида Диний идора раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов мутасадди вакилларга эътироф ва эътибор учун ташаккур айтиб, айни пайтда кўплаб диний соҳа ходимлари бугун фидокорлик ила фаолият олиб бораётгани, уларнинг ҳар бири юксак мукофотларга лойиқ экани, хусусан, кўкрак нишон соҳиблари ҳам мазкур эътирофни катта масъулият билан қабул қилишларини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1099 марта ўқилди

Янгиликлар

Top