Ўзбекистон янгиликлари

Бухоро шаҳрининг сайёҳлик имкониятлари Ўмон матбуоти нигоҳида

Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» электрон газетасида “Бухоро шаҳри Ўзбекистоннинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий дурдонаси” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистоннинг марказида жойлашган кўҳна Бухоро шаҳри дунёнинг энг гўзал тарихий шаҳарларидан бўлгани боис, ЮНЕСКО  томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.  Дунёнинг турли давлатларидан Бухорони зиёрат этувчи сайёҳлар 2000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган меъморий ёдгорликлар билан танишиш ва асрлар давомида сақланиб қолинган эски шаҳар кўчаларида сайр қилиш имкониятига эга”, - дея таъкидлайди муаллиф Али ал-Хасаний.

Шаҳарнинг Арк қаласи, Лаби Хавуз мажмуаси, Ситораи Моҳи Хосса саройи, Сомонийлар мақбараси, Кўкалдош, Нодир Девонбеги  ва Абдулазизхон мадрасаларига оид маълумотлар ўмонлик газетхонлар эътиборига ҳавола этилган.

“Бухоро шаҳрининг рамзи бўлган, 12 асрда бунёд этилган Калон минораси ўз даврида Марказий Осиёдаги энг баланд иншоот бўлиб, ундан тарқалган ёруғлик шаҳарга келаётган савдо карвонларига йўл кўрсатиб турган”, - деб ёзади «Asdaa Oman» электрон нашри.

 

619 марта ўқилди

Янгиликлар

Top