Ўзбекистон янгиликлари

Санкт-Петербургда II-халқаро диний форум бўлиб ўтмоқда

Жорий йилнинг 13-14 сентябр кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида икки йилда бир марта ўтказиладиган “Замонавий дунёда диний қадриятлар” номли II-халқаро диний форум бўлиб ўтмоқда.

Халқаро форумда Яқин Шарқ, Форс кўрфази минтақаси, Африка, МДҲ давлатларининг диний ташкилот вакиллари ва Россиянинг турли ҳудудларидан уч юзга яқин соҳа мутахассислари иштирок этди.

Шунингдек, бу йилги форумни нафақат илоҳиётшунослар, балки кўплаб олий ўқув юртлари ўқитувчилари, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, миллий-маданий автономиялар ва турли миллат диаспора раҳбарлари, олимлар ва экспертлар, сиёсий арбоблар ҳамда форумга катта қизиқиш билдирган 200 нафар талаба ҳам онлайн тарзда кузатиб борди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Уйғун домла Ғофуров ҳам иштирок этди.

Форум доирасида илмий ва диний мулоқотлар ташкил этилди. Унда диний таълимотларнинг асосий мақсади тинчлик, илм ва маърифат тарқатиш экани таъкидланди.

Шунингдек, ўзаро алоқаларни яхшилаш, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қабул қилмаслик, диний ва маънавий-ахлоқий муаммоларни назорат қилиш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Халқаро анжуман давомида анъанавий динлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, муаммоларни аниқлаш, дунёдаги этник-диний вазиятни уйғунлаштириш механизмларини яратиш, экстремизмга қарши курашиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.

Форум якунида муҳокама этилган мавзулар юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

966 марта ўқилди

Янгиликлар

Top