Ўзбекистон янгиликлари

Обод масжидлар кўпаймоқда

Бугун, 22 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Сирдарё вилоятига ташрифлари давомида Сайхунобод туманидаги катта йўл ёқасида жойлашган “Пахтакор” жоме масжидининг қайта бунёд этилган янги биносини кўздан кечирдилар.

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров жомеда намозхонларга яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш асносида масжиднинг янги биноси ҳақида маълумот берди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Сирдарё вилоятининг чекка ҳудудида мўмин-мусулмонлар учун мана шундай янги замонавий муҳташам масжид барпо этилгани улкан хайрли иш бўлгани, ушбу неъматнинг қадрига етиш ва уни маънавий жиҳатдан ҳам обод этиш лозимлигини алоҳида қайд этдилар.

Маълумот ўрнида масжиднинг янги биноси қурилиши 2022 йилда бошланган. Мажмуанинг умумий майдони 7 сотих бўлиб, хонақоҳ ва айвонларда 1000 нафардан зиёд намозхон ибодатларни эмин-эркин адо этиши мумкин. Баландлиги 64 метр бўлган минора ва катта гумбази масжидга ўзгача файз бериб турибди. Замонавий таҳоратхонасида бир вақтнинг ўзида 15 киши бемалол таҳорат олиши мумкин. Йўловчи аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона мавжуд. Иссиқлик ва совутиш тизимлари, шу билан бир қаторда замонавий овоз кучайтиргичлар ўрнатилди. Имом-хатиб, мутаввалли ва қоровул учун алоҳида хоналар бор. Жоме тумандаги “Ўзбекистон”, “Бахмалсой”, “Нурли йўл” маҳалла фуқаролар йиғинидаги мўмин-мусулмонларга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1030 марта ўқилди

Янгиликлар

Top