Ўзбекистон янгиликлари

Фаол имом-хатиб ва отинойилар тақдирланди

Миллат маънавиятини ислоҳ этиш, одамларни маърифатли қилиш, оламга очиқ назар билан боқишга ўргатиш ва мудроқ тафаккурни уйғотишнинг энг асосий омили сифатида жадидчи боболаримиз матбуотнинг қадрини баланд кўтарганлар. Улар наздида матбуот – фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу эди.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи даврий нашрлари – "Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналлари ҳамда "Ислом нури" газетасига 2023 йил обуна жараёнида фаолик кўрсатган вакилларни тақдирлаш, 2024 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи Бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, туманлар бош имом-хатиблари иштирок этди.

– Обуна жараёнида, аввало, ҳар бир имом-хатиб ўзи намуна бўлиши керак, – деди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Пойтахтимизда фаолият юритаётган 134 нафар имом-хатиб, 265 нафар ноиб имом ҳамда 166 нафар отинойи мазкур нашрларни мунтазам ўқиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу нашрларда диний соҳа ходимлари ўзларининг мақолалари билан қатнашиши ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар бўлади. Бир имом, дейлик, жума куни бирор мавзуда мавъиза қилса, унинг маърузасини 1,5 минг, 2 минг киши эшитиши мумкин. Лекин биргина мақоласини юз минглаб одам ўқийди, шунча хонадонга нур киради, зиё киради.

Тадбир сўнгида Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналларига ҳамда "Ислом нури" газетасига 2023 йил обуна жараёнида фаолик кўрсатган имом-хатиблар нашриёт совғалари билан тақдирланди.

Йиғилиш сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги
"Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи
Матбуот хизмати

989 марта ўқилди

Янгиликлар

Top