Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги албатта бориш керак бўлган 9 та ажойиб жой!

Европадаги оммабоп «lovelyplanet.com» веб-сайти "Ўзбекистондаги бориш керак бўлган 9 та ажойиб жой" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

"Қадимги Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўзининг ажойиб тарихий меъморчилиги ва гўзал масжидлари, мадрасалари, шунингдек, миллий санъати ва ҳунармандчилиги, бой анъанавий маданияти ва маҳаллий халқнинг чинакам меҳмондўстлиги билан машҳур", - дея қайд этилган материалда.

Нашрда тўрт фасли билан ажралиб турадиган Ўзбекистоннинг континентал иқлими табиат қўйнида дам олиш ва чекка жойларига бориш бутун умрга етадиган хотираларни яратадиган саргузаштлар эканлиги таъкидланган.

Мақолада Ўзбекистондаги энг яхши тўққизта туристик маскан ҳақидаги муҳим маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган. Хусусан, сайёҳлар учун тавсияда биринчи ўринда Самарқанд шаҳри ва Регистон майдони қайд этилган.

Муаллифга кўра, ушбу манзил таъсирчан архитектурани хуш кўрадиганлар учун энг яхши жойдир. "Самарқанддаги тарихий Регистон майдони янги келганларни Ўзбекистондаги бошқа диққатга сазовор жойларга қараганда кўпроқ ҳайратга солади. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу майдон учта ажойиб мадраса – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тилла Қори мажмуаларидан иборат бўлиб, улар биргаликда ислом уламолари учун университет бўлиб хизмат қилган. Регистон номи "қумлоқ жой" деган маънони англатади. Темурийлар давридан буён Ўзбекистон тарихида одамлар учрашадиган, муҳим қарорлар қабул қилинган, ҳал қилувчи воқеалар содир бўлган маскан бўлиб келган", - деб ёзган электрон нашр.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳри, шунингдек, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда ансамбли, Гўри Амир мақбараси ва Улуғбек расадхонаси каби тарихий обидалари билан машҳур. Буларнинг барчасини кўриш учун ушбу қадим кент ташриф буюришга арзийди.

"Самарқанддаги ҳаёт суръатидан баҳраманд бўлишни, шаҳар бўйлаб кезишни, маҳаллий ҳунармандлар билан мулоқот қилишни ва чой ичиш ҳамда маҳаллий таомлардан тановул қилиш учун вақт ўтказишни истасангиз, икки кун ажратинг", - дейилади материалда.

«lovelyplanet.com» веб-сайти Ўзбекистонга саёҳат қилиш бўйича энг яхши манзиллар қаторида Бухорони иккинчи ўринга қўйган.

"Бухоронинг эски шаҳри ҳақиқатан ҳам сизни ўтмишга саёҳат қилишга ундайди. Шаҳарнинг ЮНЕСКО томонидан ҳимояланган тарихий қисми ҳанузгача тўлиқ асл кўринишга эга бўлиб, масжидлар, миноралар, мадрасалар, ҳунармандчилик устахоналари, карвонсаройлар ва маҳаллий овқатланиш жойлари билан ажралиб туради. "Лаби Ҳовуз" мажмуаси атрофида жойлашган марказий майдон ўзига хос муҳитга эг", - таъкидланган манбада.

Нашрда Бухорода кўриш керак бўлган манзиллар жуда кўплиги хабар қилинган. "Ҳукумдорлар қароргоҳи Арк, Мир Араб, Нодир Девонбеги ва Абдулазизхон мадрасалари, «Минораи Калон» ва Бухоро амирларининг ёзги саройи Ситораи Моҳи Хосани зиёрат қилишга албатта, вақт ажратинг, - давом этади муаллиф. -Гарчи эски шаҳар харитада ихчам кўринсада, Бухорони тўлиқ томоша қилиш учун камида икки кун керак бўлади. Бу ҳар сафар келганингизда чексиз янги янгиликларни кашф қилишингиз мумкин бўлган шаҳарлардан биридир".

Мақолада сайёҳлар бориши керак бўлган жой сифатида учинчи ўринда Нукусда шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи қайд этилган.

"Ўзбекистон ғарбидаги республика бўлган Қорақалпоғистон Орол денгизи, Устюрт платосининг ғайриоддий манзаралари ва унинг атрофидаги чўллардаги қадимий қўрғонлари билан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этади,- дейилади мақолада. – Лекин, энг қизиқарли жойлардан бири бу Нукус шаҳридаги Савитский музейидир. "Саҳродаги Лувр" деб номланувчи музей рус авангард санъатининг кенг тўпламига эга. Унинг асосчиси Игор Савицкий 100 мингга яқин санъат асарларини тўплашга эришган».

Тавсия ўрнида, Тошкентдан Нукусга поездда бориш 20 соатдан кўпроқ вақт олиши, кўплаб саёҳатчилар диққатга сазовор жойларни томоша қилишдан унумли фойдаланиш учун самолётда учишлари мумкинлиги таъкидланган.

Сайёҳлар бориб кўриши керак бўлган Ўзбекистондаги тўртинчи манзил - бу Хивадаги "Ичан-Қалъа" мажмуасидир, дейилади мақолада. Муаллифнинг ёзишича, "Ичан-Қалъа"га ташриф буюриш вақтни орқага қайтариш учун энг яхши жой.

"Очиқ осмон остидаги музей - Хива шаҳри бир вақтлар Хоразмшоҳлар пойтахти, кейинчалик Хива хонлигининг маркази бўлган ва ҳозиргача ўз тили, анъана ва маданиятини сақлаб келмоқда, - дея маълум қилган веб-сайт. - Мафтункор "Ичан Қалъа" Хиванинг қоқ марказида жойлашган. Аксарият меъморий диққатга сазовор жойлар унинг ичида. Тош ҳовли саройи ва Калта Минор минорасини зиёрат қилинг ва ўрта асрлардаги Марказий Осиёнинг улуғворлиги ва осойишталигини ҳис этасиз".

«lovelyplanet.com», шунингдек, Риштон, Марғилон, Тошкент шаҳарлари, қадимий Конигил ва Зомин миллий қўриқхонасини бориб кўриш учун энг мақбул манзиллар сифатида таърифлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

832 марта ўқилди

Янгиликлар

Top