Ўзбекистон янгиликлари

Мадраса талабаларининг заковати барчани мамнун этди

Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари водий сафари давомида Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратларига Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов ва билим юрти мудири Рустамжон домла Маҳмудов ҳамроҳлик қилди.

Муфтий ҳазратлари билим юрти педагог-ўқитувчи ва талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, хусусан, у ердаги ўқув хоналари, дарс жараёнларини кўздан кечириб, таълим муассасаси фаолиятини янада ривожлантириш борасида тавсия ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ташриф чоғида Муфтий ҳазратлари муассасада талаба-ёшлар билан мулоқот қилдилар. Суҳбат асносида толиби илмларга барча билимларни пухта эгаллаши, келажакда етук олим бўлиб етишишга астойдил ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари талабалар билан араб тили ва фиқҳ фани бўйича савол-жавоб қилдилар. Ушбу билимлардаги талабаларнинг заковати барчани мамнун этди.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари таълим муассасасида устоз ва шогирдлик мақоми ҳақида илмий суҳбат қилиб бериш билан бирга, устоз ва талабалар ҳаққига дуои хайр қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

903 марта ўқилди

Янгиликлар

Top