Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фондига янги раҳбар тайинланди

2023 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида “Вақф” хайрия жамоат фонди Васийлик Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси вазифасида меҳнат қилаётган Зиёвуддин домла Мирсодиқов ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод этилиб, Фонд раҳбари лавозимига ушбу йўналишда катта тажрибага эга бўлган Исахон Абдуллаев кенгаш аъзолари томонидан сайланди.

Маълумот ўрнида, Исахон Абдуллаев Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган. У 25 йиллик иш малакага эга бўлиб, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, хайрия жамғармаларини бошқариш ва ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини тартибга солиш борасида катта натижаларга эришган. Жумладан, у меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими, Махсус жамғарма раиси ҳамда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ижрочи директори каби муҳим лавозимларда самарали фаолият юритган. Тайинловга қадар “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари вазифасида ишлаётган эди.

Шунингдек, йиғилишда фонд фаолиятини ривожлантириш борасидаги келгусидаги режалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2074 марта ўқилди

Янгиликлар

Top