Ўзбекистон янгиликлари

Мутавалли ва ҳисобчи – ҳисобдордир

Бугун пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳри масжидларида фаолият юритаётган мутаваллилар ва ҳисобчилар учун йиғилиш ўтказилди.

Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бориб, жумладан, бундай дедилар:

– Адолати билан машҳур бўлган иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг:

حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا. وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الأَكْبَرِ.

 وَإِنَّمَا يَخِفُّ الْحِسَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى مَنْ حَاسَبَ نَفْسَهُ فِى الدُّنْيَا

яъни: “Ҳисобга тортилмасдан олдин ўзларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Буюк номус учун безанинг. Ким дунёда нафсини ҳисоб-китоб қилган бўлса, охиратда ҳисоби енгил бўлади”, деган машҳур гапларини ҳар бир мутавалли, муҳтасиб ўзига шиор қилиб олиши шарт.

Мутаваллилар масжид уставида белгиланган тартибда фаолият юритишлари лозим. Жумладан, масжидларнинг ҳар чоракда белгиланган вақтдан кечикмасдан топширишлари лозим бўлган молиявий ҳисоботлари, имом-хатибнинг маънавий-маърифий тадбирлардаги иштироки, тафтиш ҳайъати ва умумий йиғилиш мажлис баённомалари, қарорлари ва эътиқод қилувчилар сонини беришлари лозим.

Мутаваллилар ўз вазифаларини яхши билишлари лозим. Масжидлардаги бугунги кундаги айрим камчиликлар ва молиявий муаммоларнинг барчаси мутаваллиларнинг, шунингдек, масжид тафтиш ва ҳайъат аъзолари тўғри ва тўлиқ ишламаётгани оқибатидан келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Агар тафтиш ҳайъати тўғри ва тўлиқ фаолият юритса, масжидларда кўнгилсиз ҳодисалар ва муаммолар келиб чиқмайди. Шунингдек, мутаваллилар масжидларга тушадиган тушумларни аниқ ва тўғри саноқ далолатномаларини юритишлари талаб этилади.

Йиғилишда бош имом-хатибнинг ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев  ва Эргашали домла Рустамов  ҳам сўз олиб, мутавалли ва ҳисобчиларга зарур тавсиялар беришди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

919 марта ўқилди

Янгиликлар

Top