Ўзбекистон янгиликлари

Имом-домлалар билимини баҳолаш ва малака тоифалари бериш давом этмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан диний соҳа ходимларининг билим ва малакаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу маънода кейинги кунларда барча масжидлар имом-хатиб ва имом ноиблари, отинойиларнинг билимлари, касб маҳоратлари ҳамда иш фаолиятлари натижалари баҳоланиб, тегишли малака тоифалари тақдим этилмоқда. 

Мазкур жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари, масъул ходимлари, диний-таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ҳамда ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат баҳолаш комиссияси аъзолари гуруҳларга бўлинган ҳолда Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида фаолият олиб бормоқда.

Соҳа ходимларини баҳолашда профессионал малакаси, ишчанлик фазилати, касбий тайёргарлик даражаси каби бир қатор мезонларга эътибор берилмоқда. Шунингдек, имомларнинг нотиқлиги, қироати, илмий-ижодий, маънавий-маърифий фаолияти, чет тилларни билиш даражаси ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини қай даражада ўзлаштирганликлари тест синовлари ва суҳбатлар асосида аниқланмоқда.

Ушбу синовлардан муваффақиятли ўтганларга олий, биринчи ва иккинчи даражали малака тоифалари тақдим этилмоқда. Бу эса уларнинг келгуси фаолиятида янада юқори натижаларга эришишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1101 марта ўқилди

Янгиликлар

Top