Ўзбекистон янгиликлари

Президент Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади

Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича БМТ Яқин Шарқ агентлиги томонидан олиб борилаётган Фаластин халқи учун гуманитар ёрдам кўрсатиш тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида агентликка гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион доллар ажратилади.

“Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) томонидан олиб борилаётган Фаластин халқи учун гуманитар ёрдам кўрсатиш тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида агентликка гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган масалага тўхталиб ўтганди.

«Маълумки, Исроил армияси ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда.

Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз.

Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим.

Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», - деди президент.

kun.uz

1313 марта ўқилди

Янгиликлар

Top