Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа ходимлари “Яшил макон” лойиҳасида фаол қатнашмоқда

Шу кунларда ўлкамизнинг турли ҳудудларида диний соҳа ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишларида фаоллик билан иштирок этмоқдалар. Ўтган Уламолар Кенгашида таъкидланганидек, ушбу лойиҳа имом-домлалар ўртасида "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида кенг жабҳада амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан Чортоқ туманидаги “Ўрикзор” МФЙ ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида 5 гектар жойга 1500 тупдан ортиқ мевали кўчатлар экилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.

Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

Ушбу тадбирда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси мутахассислари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги масъуллари, шаҳар-туман бош имом-хатиблари, вилоят масжидларининг имом-хатиб, имом-ноиб ва мутаваллилари иштирок этдилар.

Жараёнда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Алойдинов, вилоят бош имом-хатиби М.Аббаситдинов сўзга чиқиб, ўз тилакларини билдирдилар.

Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу каби хайрли тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир. Мана шундай тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

1432 марта ўқилди

Янгиликлар

Top