Ўзбекистон янгиликлари

Бир гуруҳ уламо ва соҳа ходимлари тақдирланди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу жараён соҳа ходимларидан ҳам алоҳида масъулият ва фаоллик талаб этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, уларнинг фидоийлиги, шарафли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, қадрланмоқда.
Пойтахтимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда бир гуруҳ уламо ва соҳа ходимларининг самарали фаолияти эътироф этилиб, “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони топширилгани ана шундай хайрли ишларнинг мантиқий давомидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу кўкрак-нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур нишоннинг таъсис этилгани эса ҳукуматимизнинг диний соҳага бўлган юксак эътиборининг яққол намунаси эканини таъкидлади.
Маросимда “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонига сазовар бўлган бир гуруҳ уламо ва соҳа фидойилари ушбу мукофот меҳнат фаолиятларида янада улкан марраларга эришиш, соҳа равнақи йўлида масъулият хизмат қилишга рағбатлантиришини эътироф этишди.
Аллоҳ таоло ушбу мукофотларни муборак айласин.

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1656 марта ўқилди

Янгиликлар

Top