Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида маърифат ва диний бағрикенглик масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Кейинги етти йилда соҳа бўйича 50 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ўрнатиш сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мос келади.
Бу фикрлар Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Мусулмон оқсоқоллар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом билан мулоқотида қайд этилди.
Учрашувда Мусулмон оқсоқоллар кенгаши билан кенг кўламли алоқаларни мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, юртимизда турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар таъминланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудлардаги вакилликлари, 3 та олий ва 10 та ўрта махсус таълим муассасаси ҳамда 16 та конфессияга тегишли 2,3 мингдан ортиқ диний ташкилот фаолият юритмоқда.
Муҳаммад Абдусалом Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси халқаро майдонда ҳам эътироф этилаётгани, ҳужжат мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга туртки бўлганига алоҳида тўхталди.
Ўзбекистоннинг бутун дунё мусулмонлари учун жуда катта аҳамиятга молик экани, ушбу юртдан етишиб чиққан олимлар нафақат мусулмон оламига, балки бутун дунё учун ҳам катта илмий мерос қолдиргани таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА