Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанд 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясига мезбонлик қилади

Қирқ йилдан ортиқ вақт давомида илк бор ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси Париж шаҳридан ташқарида ўтказиладиган бўлди (https://t.me/Press_Secretary_Uz/3544). Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Франция пойтахтида ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессиясида Ўзбекистоннинг навбатдаги, 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

"Бу дипломатик муваффақият", - дея изоҳлади қабул қилинган қарорни 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску.

Мазкур хушхабардан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёев хорижий дўст ва шерикларга қуйидаги мурожаатни йўллади:

– Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман.

Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман.

Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади.

Аллоҳ таоло мазкур тарихий тадбирни юртимиз ва бутун дунё учун хайрли ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1096 марта ўқилди

Янгиликлар

Top