Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётига янги қози тайинланди

Шу йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раисликларида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Шамшетдин Бауатдинов Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси вазифасидан озод этилди. Мазкур лавозимга қози ўринбосари ва “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилаётган Баҳраматдин домла Разов тайинланди.

Шунингдек, йиғилишда Шамшетдин Бауатдиновнинг масжидларни обод этиш, имом-домлаларнинг фаолиятини такомиллаштириш, талабаларга муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш йўлидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилди.

Маълумот ўрнида, Баҳраматдин домла Разов Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ва Тошкент давлат шарқшунослик институтида таҳсил олган. Қорақалпоғистон Республикаси “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” мадрасасида ҳам хизмат қилиб келмоқда. У йигирма йилдан буён диний соҳада меҳнат қилади.

Баҳраматдин домла Разовга шарафли ва масъулиятли вазифада фидокорона меҳнат қилиб, имом-хатиблар билан ҳамжиҳатликда динимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилишларида Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1106 марта ўқилди

Янгиликлар

Top