Ўзбекистон янгиликлари

ХУШХАБАР: ОЛИМ ИМОМЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли имом-хатиблар ўртасида илмий иш қилиб, олимлик унвонини олаётганлар сони кўпаймоқда. Бу, албатта, қувонарли ҳолдир. 

Бугун Тошкент шаҳар Юнусобод тумани "Минор" жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий даражалар берувчи илмий Кенгаш аъзолари ҳузурида Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун «"Саҳиҳул Бухорий"да ижтимоий-ахлоқий ҳадисларнинг ёритилиши» мавзусида ёзган илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Илмий иш, ҳақиқатан, жуда долзарб ва аҳамиятлидир. Чунки бугунги ахборот маконида ёшлар тарбиясига бефарқ қараб бўлмайди.

Др. Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов илмий иши ҳимоясида қатнашганларнинг саволларига жавоб бера туриб, ҳар бир ота-она жуда осон ва содда тарзда ўз фарзандларига ҳадисларни ўргатиб, уқтириб боришлари керак. Масалан, сув ичаётган болага сувни ўтириб ичиш суннат эканини, кийим кийишда ўнг томондан бошлашни Набий алайҳиссалом тавсия қилганларини болаларимизнинг онгу шуурига қуйиб борсак, муборак ҳадисларни тинглаб улғайган бола одобли-ахлоқли ва илмли бўлади. Энг муҳими, улар турли ақидапараст, радикал ва адашган оқимлар таъсирига тушиб қолмайди.

Олимларнинг таъкидлашларича, Мовароуннаҳр заминидан 7 мингдан зиёд буюк мутафаккир ва қомусий алломалар етишиб чиққан. Бир заминдан илф-фаннинг турли соҳасида шунча кўп уламонинг етишиб чиққанига омиллар кўп. Улардан энг асосийси одоб-ахлоқдир.

Араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг “Саёҳатнома” асарида “Ўзбек аҳли ахлоқда мукаррамдир” деган сўзларига эътибор қаратсак, Мовароуннаҳр, хусусан, Ўзбекистон заминидан жуда кўп қомусий алломалар, буюк мутафаккирлар етишиб чиққанининг боисини англаймиз.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Раҳматуллоҳ домланинг илмий ишлари аҳамияти ва қамрови нақадар кенг экани намоён бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, Др. Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновни илмий унвон билан самимий муборакбод этамиз.

Бу илмий иш юртимиз олимларига, имом-хатибларга, талабаларга, ота-оналарга ва барча мўмин-мусулмонларга бирдай манфаатли бўлсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги 
Матбуот хизмати

984 марта ўқилди

Янгиликлар

Top