Ўзбекистон янгиликлари

Талабалар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан танишди

Тошкент ислом институтида “Декабрь – Ислом ва ҳозирги замон” фан ойлиги муносабати билан “Ижтимоий фанлар” кафедраси доцети О.Тангиров 305-гуруҳ талабалари учун “Илмий тадқиқот метадалогияси” фанидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига экскурсия ташкил қилди.

Миллий кутубхонанинг ташкил қилиниши узоқ тарихга эга. Унга 1870 йил май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида асос солинган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Марказий Осиёдаги энг йирик кутубхона ва илмий-методик марказлардан бири ҳисобланади. Кутубхона фондини ташкил қилишда Халқ маорифи вазирлиги, Фанлар академияси, Оммавий кутубхона, География жамияти ҳамкорлик кўрсатиб, ўз фондларидан адабиётлар совға қилишган ва бир вақтнинг ўзида 2 200 томдан (120 номдаги) ортиқ китоб йиғилиб, кутубхона фонди яратилган.

Кутубхона Марказий Осиё минтақасидаги йирик ва қадимги китоб сақлаш масканларидан бири бўлиб, 28 номдаги турли ноанъанавий хизматларни кўрсатади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот ва маданий-маърифий муассаса бўлиб, кутубхоначилик, библиографик, илмий тадқиқот, илмий-методик ва ахборот фаолиятини олиб боради. Кутубхона фонди мазмунан универсал миллий ва хорижий матбуотнинг ноёб тўпламидир. Кутубхона фаолиятининг бош мақсади, бутун инсоният билимини акс эттирган, аввало, Ўзбекистонга ва унинг миллий манфаатларига тааллуқли ҳужжатларнинг универсал фондини йиғиш, сақлаш ҳамда жамият фойдаланиши учун тақдим этишдир.

Ноёб ва нодир нашрлар фонди кутубхона китоб коллекциясининг фахридир, у 250 мингдан ортиқ нашрдан иборат. Уларнинг 15 мингдан ортиғи нодир китоблар ҳамда қўлёзмалардир. Кутубхонанинг ўта ноёб тўпламида Ўрта Осиёнинг 1917 йилгача бўлган тарихи, этнографияси, маданияти ва географиясига оид ўзига хос энциклопедия бўлган 594 томлик ноёб «Туркистон тўплами» ҳамда А.П.Кун тузган 4 қисмдан иборат 10 томлик 1200 ноёб фотосуратларни ўз ичига олган Туркистон ўлкаси аҳолисининг турмуш тарзи, урф-одатлари тўғрисидаги «Туркистон альбоми» алоҳида ўрин эгаллайди.

Хорижий тиллардаги адабиётлар фонди 75 дан зиёд тиллардаги ижтимоий-сиёсий, гуманитар, табиий-илмий ва техника масалаларига оид нашрлар бўлиб, бугунги кунда 350 мингдан ортиқ нусхани ташкил этади.

Кутубхона кўплаб халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитация қилинган чет мамлакатларнинг элчихоналари билан мустаҳкам ижодий алоқалар ўрнатган бўлиб, маданияти, диний қарашлари ва тарихий илдизлари турлича бўлган халқларнинг яқинлашишига ўзининг ҳиссасини қўшмоқда.

Ҳозирги кунда кутубхона фонди жаҳоннинг 75 тилларидаги деярли 10 млн. нусхага етган. Кутубхона республикамиздаги барча кутубхоналарга кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳалари бўйича методик раҳбарлик қилади.

Мурод Мавлянкулов,
Тошкент ислом институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси
кабинет мудири

981 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « "Qur'oni Karim" va tajvid kurslariga qabul davom etmoqda YANGILIK! »

Янгиликлар

Top