Ўзбекистон янгиликлари

Туркияда халқаро конференция ўтказилди

2023 йил 21 декабрь куни Туркия Республикасининг Истанбул университети Илоҳиёт факультети анжуманлар залида «Мовароуннаҳрнинг Ислом илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.


Анжуман «Аё-София» масжиди имом-хатиби Ферруҳ Муштуэрнинг Қуръони Карим тиловати билан бошланди.


Халқаро анжуман Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқор, UMAD- Uluslararası Müslüman Alimler Dayanışma Derneği – «Халқаро мусулмон уламолари бирдамлик ассоциацияси» президенти Абдулваҳҳоб Экинжи ва İHAM – Ilim hizmet ve araştirma merkezi – «Илмий хизмат ва тадқиқот маркази» президенти профессор Мустафо Караташнинг кириш сўзлари билан очилди.


Юртимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети доктори Абдумурод Тилавов ва доктор Абдумухтор Раҳмонов анжуманда маърузалар билан иштирок этдилар.


Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов «Ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрга кириб келиши, тарқалиши ва ривожланиши» мавзусида маъруза қилди.


Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқор Мовароуннаҳрнинг инсоният тарихи ва Ислом маданиятидаги ўрни ва аҳамиятига урғу берди. Бу диёрдан етишиб чиққан уламоларнинг Ислом динига қўшган ҳиссасига тўхталиб, Темурийлар давлатининг минтақада илм-фан ва маданият борасидаги хизматларига алоҳида эътибор қаратди. Ректор Туркия, жумладан Истанбул, университети билан Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий алоқалар янада ривожланаётганини катта мамнуният билан таъкидлади.


Анжуман якунида профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқорга эсдалик совғаларини топширди.

 

 

 

 

ТИИ Матбуот хизмати

742 марта ўқилди

Янгиликлар

Top