Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони – Ўзбекистон қўшма қўмитаси олтинчи йиғилиши

“SPA” ахборот агентлиги Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Саудия Арабистони – Ўзбекистон қўшма қўмитаси олтинчи мажлиси тафсилотини батафсил ёритди.

Мақолада Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид бин Абдулазиз Ал-Фолиҳ “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва Қиролликнинг 2030 йилга мўлжалланган истиқболи ва Миллий инвестиция стратегиясида белгиланган мақсадлар мувофиқ келиши таъкидланган, Саудия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши саъй-ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши урғуланган. Шунингдек, икки давлат  хусусий секторларини бирлаштириш муҳим аҳамият касб этиши, мазкур учрашувда ҳамкорликнинг аниқ йўналишларига эътибор қаратилиши қайд этилган.

Муаллиф Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 31 миллиард долларлик 50 та инвестиция ташаббуси илгари сурилгани, ушбу лойиҳалар “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадлари доирасида назарда тутилган 110 миллиард долларлик хорижий инвестиция жорий этилишини таъминлашига тўхталган.
Томонлар энергетика, қайта тикланадиган энергия, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, инсон ресурсини ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, бунинг учун зарур сармоя киритиш бўйича эришилган ютуқларни юқори баҳоладилар.

Учрашув якунида қўмита олтинчи йиғилиши баённомаси имзоланди. Мазкур ҳужжат асосида кўплаб қўшма ташаббус, дастурлар, шунингдек икки мамлакат хусусий сектори ўртасида қатор англашув меморандумлари имзоланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

795 марта ўқилди

Янгиликлар

Top