Ўзбекистон янгиликлари

Марказ биносини ҳар жиҳатдан гўзал ва маҳобатли қилиш муҳокама этилди

Бугун, 26 декабрь куни пойтахтимиздаги Hilton меҳмонхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва музей экспозициясини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказ мутасаддилари, олимлар, профессорлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишни Президент маслаҳатчиси, Кенгаш раиси Музаффар Камилов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада хайрли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қад ростлаётган маҳобатли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш, шунингдек, бинонинг ташқи ва ички қисмларини безаш ишлари жадал давом этаётганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг Шоазим Миноваров Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2023 йилда амалга оширган фаолиятига доир ҳисоботини тақдим этиш билан бирга Марказнинг навбатдаги катта лойиҳалари ва режалари ҳақида сўз юритди.

Тадбир асносида Кенгаш аъзолари ва соҳа мутасаддилари Марказ биносининг ташқи ва ички безакларидаги хаттотлик ёзувлари, равоқлар учун тайёрланаётган маҳобатли рангтасвир асарлари, музей экспозициясини шакллантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида чиқиш қилишди.

Нотиқлар қаторида сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Марказдаги Қуръон зали равоқларини ипак гилам юзасига туширилган оятлар билан безаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлади.

Йиғилиш асносида Марказ бир вақтнинг ўзида ҳам музей, ҳам кутубхона, ҳам илмий-тадқиқотлар олиб бориладиган кўп тармоқли илмий, маданий, маърифий, маънавий муассаса шаклида бунёд этилаётгани ва шунга мувофиқ равишда унинг фаолияти ҳам кенг қамровли бўлиши таъкидланиб, ушбу жараёнда Кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилиб тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

880 марта ўқилди

Янгиликлар

Top