Ўзбекистон янгиликлари

Халқимиз юрагидан жой олган инсон ёди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ушбу сана мамлакатимиз миқёсида катта тантана билан нишонланмоқда.

Бугун, 6 ноябрь куни Жиззах вилоятидаги ушбу санага бағишланган дастлабки тадбир Шароф Рашидов хотирасига эҳсон дастурхони ёзиш билан бошланди. Ушбу тадбирда улуғ адиб руҳини шод этиш мақсадида, Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан атоқли давлат арбоби ҳақига дуолар қилинди.

Шундан сўнг, Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов хотирасига бағишланган тадбирлар кетма-кетлиги бошланган. ЎзА хабарига кўра, тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.


Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидовнинг ўзбек халқи манфаатлари йўлидаги улкан хизматлари ҳақида алоҳида тўхталди. Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққани, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонгани, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилганини таъкидлади.

Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди.

Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди. У ўзининг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар, публицистик мақолалар яратди, деди муҳтарам Президентимиз.

Бу адибнинг 100 йиллик юбилейига бағишлаб мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирларда халқимизнинг улуғ адибни қанчалар ардоқлаши, унинг ижодий мероси, одамлар дардига малҳам бўлишдек ўзбекона сифатлари ва фазилатларини қадрлаши намоён бўлмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти мусиқали драма театридаги ўтказилган хотира кечасида ҳам ушбу эътибор ва эҳтиром ўзининг ёрқин ифодасини топди. Унда юртимиз санъат усталари томонидан миллий ашула ва жаҳон санъатининг энг сара асарларидан намуналар ижро этилди.

Саҳна ортидаги улкан мониторда донишманд инсоннинг болалик ва ёшлик даврлари, уни вояга етказган ота-онаси сиймолари, Шароф Рашидовнинг она Ватанимиз, халқимиз ғурурини кўтариш, юртимизни обод этиш йўлида бутун борлиғини тикиб олиб борган ҳаёти, Президентимиз раҳнамолигида адиб номини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бугунги дориломон ҳаётимиз акс эттирилган лавҳалар намойиш этилди.

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчининг хотирасига бағишланган кечалар, маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

4357 марта ўқилди

Янгиликлар

Top