Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди “Cambridge” ўқув маркази билан меморандум имзолади

“Вақф” хайрия жамоат фонди нафақат эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам бериш, балки уларнинг фарзандларини турли касб-ҳунарга ўргатиш, хорижий тилларга ўқитиш дастурини ҳам бошлади.

Айни мақсадни кўзлаб Фонд ва Ўқув маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Янги лойиҳа асосида йўлга қўйилган амалиётга кўра эндиликда эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари мазкур марказда бепул таълим олишади.

Шу муносабат билан ҳозирда пойтахтимиздаги хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган Cambridge ўқув марказида Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшайдиган икки ўсмир таълим олишни бошлади.

– Барча хорижий давлатларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам чет тилларини ўрганишга бўлган талаб ошиб бормоқда, – дейди ўқув маркази директори Жаҳонгир Пўлатов. – Негаки бирор чет тили, айниқса, инглиз тилини билмасдан туриб муваффақиятга эришиш, илм сирларини ўрганиш амримаҳол. Билимли, хорижий тилларни билган юрт фарзанди эса давлати ривожига катта ҳисса қўшишга қодир бўлади. Шунинг учун эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш борасидаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг хайрли ташаббусига хайрироҳлик билдириб, савобли ишга бош қўшишни ният қилдик. Таъкидлаш керакки, эндиликда мазкур ўқув марказида юзлаб ана шундай оилаларнинг фарзандлари бепул таълим олишади.

Фарзандларимизни илмли ва маърифатли қилишдек бу савобли ишга Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

1002 марта ўқилди

Янгиликлар

Top