Ўзбекистон янгиликлари

Марказнинг янги нашрлари тақдимот қилинди

Шу йил 1 февраль куни Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.  

Тадбирда Президент Администрацияси масъул ходими Жасур Нажмиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, ҳамкор ташкилот ва илмий доира вакиллари ҳамда Марказ илмий ходимлари иштирок этди.

Маросимда Марказ томонидан 2023 йилда нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Ат-Тарихус сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Абу Азабанинг “Ар-Равзатул баҳийя фийма байнал ашўира вал мотуридийя”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”, Алоуддин Косонийнинг “Косоний ақидаси”, Саййид Абдулможид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари энциклопедияси” асарлари, шунингдек, “Ислом динида тинчлик” ва “Ғулувнинг хатарлари” номли рисолалар тақдим этилди.

Тақдимотнинг очилишида сўзга чиққанлар Имом Бухорий ва бошқа аллома аждодларимиз меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобларнинг илмий қиймати, мутафаккирлар асарларини тадқиқ этиш борасидаги ишларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталди.

Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби, доктор Муҳаммад Назир Айяд ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРCИCА) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич видеотабрик йўллади.

Дарҳақиқат, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар исломнинг асл қадрият ва тамойилларини ҳамда инсонпарварлик ғояларини тараннум этишда, замонлар оша юксак қадр-қимматини йўқотмай келаётган асарларнинг туб моҳиятини очиб беришда муҳим дастуруламалдир. Она тилимизда чоп этилган мазкур асарлар мутафаккирларимиз илмий қарашлари маъносини янада яхшироқ англашга, улар таълимотини янада теран идрок этишга асос бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

944 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Таъзия билдирамиз Ҳамдардлик билдирамиз »

Янгиликлар

Top