Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон қўлёзмаларини қайта тиклаш бўйича маҳорат дарси

Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси арафасида “ал-Aзҳар” павилонида Қуръон қўлёзмаларини қайта тиклаш бўйича семинар бўлиб ўтди.

“IQNA” сайтининг “Youm7” га таяниб хабар беришича, Миср халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган 55-Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси доирасида “ал-Aзҳар” павилонида китоб ва қўлёзмаларни қайта тиклаш ва сақлаш бўйича семинар бўлиб ўтди.

   Миср қўлёзмаларини қайта тиклаш бўлими директори ўринбосари Маҳмуд Саад бундай деди: “Мавжуд бўлган энг муҳим қўлёзмалардан бири мамлуклар даврига оид Қуръони карим нусхаси саналади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 866 йилда ёзилган бўлиб, шаҳзода Кадходанинг рафиқасига тегишлидир. Уни 1165 йилда “ал-Азҳар” мажмуасига ҳадя қилинган. Бу қўлёзма бўйича докторлик диссертацияси ёзилган. Ушбу Қуръон нусхасига зарар етказилиш сабаб ва омилларини аниқлаш ва қайта тиклаш бўйича тегишли чоралар кўриш мақсадида бир қанча техник тадқиқотлар олиб борилган”.

Тадқиқот давомида мазкур қўлёзманинг қоғози маҳаллий экани, сиёҳ ва ёзув тури ўрганилгандан сўнг уни қайта тиклашнинг тегишли усули белгиланиши аниқланди. Ушбу стендда Қуръоннинг реставрациядан олдин ва кейин суратлари жамланган.

  Қайта тиклаш жараёнида қоғозда озиқланадиган бир қатор ҳашаротлар топилди. Уларнинг тасвирларини нашр этишдан мақсад муҳим китоб ва қўлёзмаларни севувчи ва йиғувчиларни ушбу зараркунандалар билан таништиришдир. Шунда улар зарар содир бўлса, уни қўлёзманинг йўқ қилинишига олиб келмайдиган тарзда таъмирлаш мумкинлигини билишади.

“Aл-Aзҳар” кутубхонасидаги қўлёзмалар коллекцияси дунёдаги энг бой фондлардан бири бўлиб, бу қўлёзмаларнинг кўпчилигида Қуръони карим нусхалари, шунингдек, дин ва бошқа фанларга оид асарлар бор. Ушбу қўлёзмаларни замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар ёрдамида батафсил ўрганиш исломшунослик соҳасидаги кўплаб янги фактларни очиб берди, Мисрдаги турли тарихий даврлар, жумладан, мамлук ва фотимийлар даврига ойдинлик киритди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

970 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « XALQARO SEMINAR Таъзия билдирамиз »

Янгиликлар

Top