Ўзбекистон янгиликлари

Соҳа раҳбарлари “Имом Термизий” мадрасасида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги Диний идора масъул ходимлари Термиз шаҳридаги “Имом Термизий” ўрта махсус Ислом таълим муассасасига ташриф буюрди. Уларга Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар домла Сайфиддинов ва билим юрти мудири Музаффар домла Жабборов ҳамроҳлик қилди.

Диний идора масъул ходимлари дарс жараёнларини кузатиб, таълим сифати ва ўқитувчилар илмий салоҳиятини кўтариш, диний таълимда анъанавий ва замонавий педагогик технологияларни қўлланилишига доир таклифларни билдирди. Шунингдек, устоз ва талабалар фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Ташриф давомида соҳа раҳбарлари таълим муассасаси ўқитувчи ва талабалари билан мулоқот ўтказди. Унда сўзга чиққан нотиқлар ўқитувчи ва талабаларнинг масъулиятини ошириш, илмнинг фазилати, имомлик шарафи, машаққатлари, диний соҳада билимли ва дунёқараши кенг кадрларга бўлган эҳтиёж каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, мадраса битирувчиларининг юртимиз масжидлари ва диний таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинишига оид масала муҳокама қилинди. Ўрта махсус таълимдан кейин ўқишни давом эттирмоқчи бўлган талабалар юртимиздаги  3 та олий диний таълим муассасаларида бакалавр, сўнг Тошкент ислом институтида магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 17-18-октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифида берган топшириқлари ижроси юзасидан 2020-2021 ўқув йилидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди.

Таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 8 июнда 24-сонли гувоҳнома билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрлайди. Таълим муассасада ўқиш муддати тўрт йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади.

Манзил: Сурхондарё вилояти, Термизий шаҳар, Шимолий Дарвоза кўчаси, 3-уй (55) 451-05-96

https://imomtermiziy.uz

t.me/termiziylar

Локация

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

679 марта ўқилди

Янгиликлар

Top