Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институти араб тили бўйича халқаро сертификатларни тақдим этади

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиб жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида устоз ва талабалар ўртасида араб тили илмий муҳитини жонлантириш, талабаларнинг дарсга бўлган қизиқиши ҳамда рағбатини кучайтириш, институтнинг салоҳиятини ошириш мақсадида Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг “Ат-Танал ал-арабий” – التّنال العربيّ “Араб тилини билиш халқаро сертификати”ни берувчи таълим ва тест ташкилоти билан институт ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ташкилот дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида тан олинган бўлиб, араб тилидаги билимларини баҳолаш, даражаларга ажратиш ҳамда уларга халқаро тоифадаги сертификатлар тақдим этувчи ташкилот ҳисобланади.

“Ат-Танал ал-арабий” التّنال العربيّ – “Араб тилини билиш халқаро сертификати” тест тизими араб тили она тили бўлган мамлакатда ишлаш, ўқиш, саёҳат қилишга ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Тест давомида араб тилида тинглаш, гапириш, ўқиш, ёзиш, гапириш ва грамматикани билиш қобилияти баҳоланади. Араб тилини билиш бир неча стандартлар бўйича, жумладан, араб тилини она тилида сўзлашувчиларга ўргатиш стандартлари ва тиллар учун умумий Европа маълумотномаси (CEFR) стандартлари билан таснифланган.

Эндиликда Тошкент ислом институтида араб тили бўйича халқаро даражадаги тил билиш сертификатларини тақдим этади.

2024 йил 13 март, чоршанба куни Тошкент ислом институтида “Ат-Танал ал-арабий” халқаро тил сертификати учун илк имтиҳонлар бўлиб ўтади.
B1, B2, C1, C2 халқаро араб тили сертификатини олиш учун имтиҳонда қатнашмоқчи бўлганлар талабгорлар паспорт билан институтга келиб рўйхатдан ўтишлари керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

802 марта ўқилди

Янгиликлар

Top