Ўзбекистон янгиликлари

2019 йилдан ҳозирга қадар Олий суднинг 80 дан зиёд ҳал қилув қарори асосида 1 000 дан ортиқ манбаа тақиқланган

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди. 

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, «жаҳолатга қарши — маърифат» ғояси асосида диннинг инсонпарварлик, эзгулик ва тинчлик сингари олижаноб тамойилларини, диний бағрикенглик руҳини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг 8-бандида Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши алоҳида қайд этилган.

 Президент қароридаги белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати Олий суднинг расмий веб-сайтидаги “Очиқ маълумотлар” рукнида (https://sud.uz/open-info/supreme-court-open-info/) мунтазам равишда янгиланиб, эълон қилиб борилмоқда.

 Зотан, фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқ ва мобил мессенжерлар орқали юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилмоқда.

 Қолаверса, экстремизм ва терроризм сингари бузғунчи ғоялар билан йўғрилган бундай манбалар ҳам ҳаётий тажрибаси ва диний билимлари етарли бўлмаган баъзи ёшларга таъсир ўтказиб, уларнинг онгида ёвузлик, қўпорувчилик сингари иллатларни шакллантириши ҳеч гап эмас.

 Айтиш жоизки, бундай бузғунчилик ва вайронакорликни тарғиб қилувчи манба ва материалларни суд тартибида тақиқлаш амалиёти хорижий давлатларда ҳам кенг қўлланилади.

 2019 йилдан бугунги кунга қадар Олий суднинг 80 дан зиёд ҳал қилув қарори асосида Интернет тармоғидаги, хусусан, “Meta” (Facebook), “Одноклассники”, “Instagram” ва “TikTok” ижтимоий тармоқлари, “Telegram” мобил мессенжери, “YouTube” видеохостинги ва бошқа 1 000 дан ортиқ манбаа ва улардаги материаллар диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган деб топилиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.

 Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ноқонуний деб топилган манба ва контентлардан аҳолини хабардор этиш – мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг самарадорлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир.

Албатта, диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет нашрлар, каналлар, саҳифалар, профилларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 Бироқ бу чора-тадбирларга қарамай, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ қилмишларни содир этиш ҳолатлари ҳамон учраб тургани ғоятда ташвишлидир.

 Ҳолбуки, бундай жиноий қилмишларга нисбатан амалдаги қонунчилигимизда қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

 Хусусан, Жиноят кодексининг 244-1-моддасига эътибор қаратайлик.

 Ушбу моддага мувофиқ диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 Шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

 Юқоридаги ҳаракатлар:

 а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;

 б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;

 в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;

 г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

 Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, шуни қайд этиш жоизки, ёш авлодни ёт ғоя, турли хил бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш мақсадида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлашимиз талаб этилади.

 Шу ўринда қадрли ота-оналар ва ёшларга мурожаат этмоқчимиз. Диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан доимо сақланинг. Улар ҳаётингиз ва орзуларнингизни барбод қилишига асло йўл қўйманг.

 Суд томонидан тақиқланган интернет манбаалардан йироқ бўлинг. 

816 марта ўқилди

Янгиликлар

Top