Ўзбекистон янгиликлари

РАМАЗОНГА ГЎЗАЛ ТУҲФА

Бошимизга ойлар султони, уммат учун улкан имкониятлар ойи – Моҳи Рамазон соя солиб турибди. Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Тошкент вилоятида ҳам муборак ойга пухта тайёргарлик кўриляпти. Раҳмат ойи арафасида масжидларнинг янги бинолари фойдаланишга топширилиши хайрли анъанага айланиб қолди.
Бугун – саййидул айём жума куни Зангиота туманидаги "Умир" жоме масжидининг янги биноси Рамазонга гўзал туҳфа сифатида мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган очилиш маросимида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман бош имоми, нуроний отахонлар, маҳалла фаолари иштирок этди.
Масжиднинг эски биноси таъмирталаб, намозхонлар учун тор бўлиб қолган эди. 2021 йилнинг 15 март куни жоменинг янги биносига илк ғишт қўйилган эди. Орадан уч йил ўтиб барча шарт-шароитга эга замонавий байтуллоҳ қад ростлади.
Янги жоме биносида, ертўла билан қўшиб ҳисоблаганда, бир вақтнинг ўзида уч минг киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин.
Гўзал иморатга монанд тарзда замонавий таҳоратхона ҳам бунёд этилгани мўмин-мусулмонларни беҳад қувонтирди. Масжиднинг шундоқ ёнгинасида автотураргоҳ ҳам барпо этилгани айни муддао бўлди.
Эндиликда намозхонлар ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам бемалол жомега келиб, уловларни автотураргоҳга қўйиб, эмин-эркин ибодатларни адо этишлари мумкин. Чунки масжидга кондиционерлар ўрнатилган, илиқ пол ётқизилган.
Очилиш маросими сўнгида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг «Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради» (Имом Муслим ривояти), деган муборак ҳадислари Аллоҳнинг байтини обод қилишга ҳисса қўшган барча азиз инсонларга мужда тарзида айтилиб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Рамазон ойи бошлангунга қадар Тошкент вилоятида яна 2–3 та масжиднинг янги биноларини фойдаланишга топширали, иншоаллоҳ.

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

909 марта ўқилди

Янгиликлар

Top