Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Моҳи Рамазон арафасида “Бектемир” жоме масжиди очилди

Ҳар йили муборак Рамазон арафасида мўмин-мусулмон юртдошларимизнинг кўнглини шод этиш мақсадида янги масжидларни ишга тушириш анъана тусига кириб бормоқда. Албатта, моҳи Рамазон ойини янги масжидларда қарши олиш, таровеҳларда иштирок этиш намозхонларга ўзгача хушкайфият улашади.

2024 йил 8 март, жума куни Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги “Бектемир” жоме масжиди намозхонлари ана шундай шодлик туйғусини тўйдилар.

Мазкур жоменинг очилиши Қуръони карим тиловатлари ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, маҳаллий имом-хатиблар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, Ҳомиджон домла йиғилганларни кириб келаётган Рамазони шариф ва янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган барча азиз инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилди ва Рамазон ойининг фазилати ва масжидларни обод қилишга бериладиган ажру савоблар ҳақида маъруза қилдилар. Сўнгра жума намози адо этилиб, масжидни барпо этишда ҳисса қўшган юртдошларимиз ҳаққига дуолар қилинди.

“Бектемир” жоме масжиди замонавий талабларга риоя қилган ҳолда бунёд этилган. Умумий майдони 3 сотохни ташкил этади. Масжид ер тўла билан бирга 3 қават бўлиб, энг тепаси икки ён намозхонадан иборат. Масжид уч мингдан зиёд намозхонга мўлжалланган. 

Маърифат маскани бўлган масжидларни обод қилаётган азизларга Яратганнинг розилиги насиб қилсин, юртимиз тинч, осойишта ва фаровонлиги бардавом бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

884 марта ўқилди

Янгиликлар

Top