Ўзбекистон янгиликлари

Кафтдек равон ва текис

Кечагина шоду хуррамлик билан кутиб олган муборак Рамазон ойи бугун ниҳоялаб қолди. Бу хайр-саховат ва мурувват ойида кўплаб кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳадялар улашилди.
Бу ойда қандай хайрли иш бўлса, ҳаммаси амалга оширилди. Ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ўтқазиш, гулу райҳонлар экиш.. ҳаммаси уддаланди.
Рамазон ҳайитига Бўстонлиқ тумани Собир Раҳимов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Олимжон ота» жоме масжиди имом-хатиби Элёржон домла Эрпўлатов ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида мазкур маҳалланинг 144 метрли йўлига асфальт қопламаси ётқизилгани чинакам қувончли воқЕа бўлди. Бу хайрли ишга 139 миллион сўм ҳомийлар маблағи сарфлангани маҳалла аҳлининг узоғини яқин қиладиган бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон вафот этса учта амалининг савобидан бошқа ҳаммаси тўхтайди. Улар – садақаи жория, фойдали илм ва ота-она ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, деб марҳамат қилганлар.
Садақаи жория – оқиб турадиган, яъни савоби мўминга нафақат бу дунёда, балки қабрда ҳам манфаат бериб турадиган гўзал ишлар мажмуидир. Жумладан, жамият учун ўта манфаатли бўлган йўллар ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш, мактаб-мадраса ва шифохона кабиларни барпо этиш ишлари ҳам уламоларимиз томонидан садақаи жория тоифасидаги савобли ишлар, деб эътироф этилган.
Аллоҳ таоло кафтдек равон ва текис бундай йўл қурилишига, асфальт ётқизилишига ҳисса қўшган барча азизларимиздан рози бўлсин.

Тошкент вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

686 марта ўқилди

Янгиликлар

Top