Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро анжуманда долзарб масалалар муҳокама этилди (фотолавҳа)

Бугун, 24 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар: муаммо ва ечимлар” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда таниқли исломшунос олимлар, юртимиз ва хориждаги илмий марказлар мутахассислари, Миср, Россия Федерацияси олий ўқув юртлари профессор-ўқитувлари, тадқиқотчи олимлар ҳамда талабалар иштирок этди.

Анжуманни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназарнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, профессор Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори (Phd) Уйғун Ғафуров табрик сўзлари асносида конференция ишига муваффақият тиладилар.

Конференция “Қуръоншуносликнинг долзарб масалалари” ҳамда “Глобаллашув даврида диний ихтилофларнинг олдини олишда ҳадис ва ҳадис илмларининг ўрни” шўъбаларда уламолар, устозлар ва тадқиқотчиларнинг маърузалари билан давом этди.

Мазкур шўъбаларда Қуръон илмлари ва тафсирга оид замонавий илмий тадқиқотлардаги ёндашувлар, оятлар тафсирида жамият тараққиёти масалаларининг ёритилиши, Қуръони каримнинг ёш авлод тарбияси ва унинг тараққиётидаги ўрни, Қуръони карим турли адашган тоифа ва оқимларга раддия, Қуръонга ҳурмат дунё барқарорлиги гарови, замонавий оқимларнинг ботил иддаоларига аҳли сунна вал жамоа уламоларининг ҳадисларга асосланган илмий раддиялари, ҳадисларни аҳли сунна вал жамоа нуқтаи назаридан талқин қилишнинг аҳамияти каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Сўнгра мавзулар юзасидан савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар бўлиш баробарида таклиф ва хайрли ташаббуслар илгари сурилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1552 марта ўқилди

Янгиликлар

Top