Ўзбекистон янгиликлари

Икки томонлама алоқалар ривожлантирилади

Шу йил 8 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ироқнинг Остонадаги муваққат ишлари бўйича вакили Жобир ал-Тамимийни қабул қилди.
Мулоқотда Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ироқ давлатлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ривожланишида икки давлат Раҳбарлари саъй-ҳаракатларининг самараси катта экани, Ўзбекистоннинг Ироқдаги биринчи элчиси тайинлангани, Ўзбекистон ва Ироқ қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ўзаро келишувга эришилгани ҳамкорликнинг янги босқичидан дарак беришини қайд этдилар. Шунингдек, юртимизда охирги йилларда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Жобир ал-Тамимий жаноблари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, бундай ўзгаришлар янада бардавом бўлишини тилади. Шу билан бирга икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқалар узоқ тарихга бориб тақалиши, ягона дин ва муштарак мақсадлар бирлаштириб туришини таъкидлаб, икки халқ ўртасида қадимдан илм-фан, маданият, савдо алоқалари ўрнатилгани, қадимда ҳаж ва умра зиёратчилари Ироқ орқали муборак зиёратларга боргани ҳақида сўз юритди.
Элчи жаноблари Ироқ заминида жуда кўп тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар борлиги ҳамда диний муҳит ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у мазкур мулоқотлардан мақсад, Марказий Осиё хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бундай алоқалар икки давлат учун ҳам манфаатли бўлишини қайд этди. Айниқса, зиёрат туризми бўйича кўплаб лойиҳалар қилиш мумкинлиги, бунда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари мисолида Ўзбекистон салоҳияти ҳам юқорилигини таъкидлади.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

970 марта ўқилди

Янгиликлар

Top