Ўзбекистон янгиликлари

Отинойилар семинари: қалблар табиби Муҳаммад алайҳиссалом

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Раббиул- аввал ойи муносабати билан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойиларнинг диний, маънавий-маърифий билимларини ошириш мақсадида “Қалблар табиби Муҳаммад алайҳиссалом” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди.

Семинар Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши, Шайхонтоҳур тумани ҳокимияти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Семинарда Тошкент шаҳар туманларида фаолият юритаётган 49 нафар отинойилар ва хотин-қизлар ҳамда Шайхонтоҳур тумани маҳаллаларининг диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари қатнашдилар.

Ўқув семинари Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра, Расули акрам алайҳиссаломнинг сийратлари, гўзал инсоний фазилатлари ҳақида уламолар томонидан маърузалар қилинди. Айниқса, Расулуллоҳга аталган саловатлар тадбирга ўзгача кўрк бағишлади.

Шунингдек, ўқув семинарида ўзга юртларда хору зор бўлиб, аёллик шаънига номуносиб ишлар қилиб, ўз оиласидан, яқинларидан, ватанидан узоқда бўлган аёлларнинг яқинлари, қайтиб келганларининг ўзлари билан тушунтириш ишларини олиб бориш отинойиларнинг асосий вазифаларидан бири экани ҳам алоҳида таъкидланди.

Семинар сўнгида намунали хизмат фаолияти учун бир гуруҳ отинойиларга эсдалик совғалари топширилди.

 Суратлар muxlis.uz сайтининг телеграмдаги саҳифасидан олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

6297 марта ўқилди

Янгиликлар

Top