Ўзбекистон янгиликлари

Ҳайит намозини адо этиш учун масжидларда тайёргарлик ишлари амалга оширилди

Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун ҳам саноқли фурсатлар қолмоқда. Бу кунни мўмин-мусулмонлар ҳайит намозини ўқиш билан бошлайдилар. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизнинг аввали ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик қилишдир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривоятлари) дея марҳамат қилганлар.

Шу эътибордан ҳайит куни эрта тонгдан мўмин-мусулмонлар ҳайит намозини адо этиш учун масжидга келадилар. Масжидларда эса ҳайит намозини адо этиш, жамоатга қулайлик ва зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилди. Санитария-гигиена талаблари, техник хавфсизлик чоралари ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Қабристон ва зиёратгоҳларга ҳам алоҳида эътибор берилди.

Эртанги Қурбон ҳайити намозини ўқиш учун Фарғона вилоятидаги 193 та масжид шай ҳолатга келтирилди. Вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳаж сафарида бўлган имом-хатиблар ўрнига тайинланган имом-ноиблари билан мулоқот ўтказиб, ҳайит намозини ўқиш тартиби, мавъиза ва хутбаларни адо этиш тартиблари бўйича керакли кўрсатма ва маслаҳатларни берди. 

Қурбон ҳайити намози ўқилиши муносабати билан  масжидларга келиб-кетишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоят Транспорт бошқармаси томонидан шаҳарлардаги мавжуд жамоат транспорти (автобус) фаолияти тонгги соат 03:00 дан бошлаб йўлга қўйилади.

Бундан ташқари ҳозирги кунда, Фарғона шаҳридаги “Муҳаммад Авлиё”, Марғилон шаҳридаги “Хожа Порсо”, Ўзбекистон туманидаги “Ўқчи”, Сўх туманидаги “Хазрати али”, Қува туманидаги “Абу Ҳанифа” ва Бувайда туманидаги “Мансурхон тўра” масжидларида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги ва ушбу масжидларда “Қурбон ҳайити” намози ўқилмаслигини инобатга олиб, ушбу ҳудуддаги фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, вилоят Транспорт бошқармаси ҳамда ИИБ ЖҲХ ЙХҲБ ҳамкорликда, худудларда фаолият кўрсатаётган бошқа масжидларга фуқароларни ўз вақтида хавфсиз етказиб қўйиш учун, тонгги соат 03:00 дан бошлаб вақтинчалик автобус қатновлари ташкил этилади.

Фарғона вилоятида Қурбон ҳайити намози 16 июнь куни 05:00 да ўқилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Фарғона вилояти вакиллиги юртимиз мўмин-мусулмонларини Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этади. 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

560 марта ўқилди

Янгиликлар

Top