Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари хориждаги ватандошлар билан мулоқотлар ўтказди

Яқинда Ўзбекистон Республикасининг бир қатор вазирлик ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларидан иборат делегация Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Казань, Набережные Челны, Екатеринбург, Новосибирск, Владивосток шаҳарларида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Делегация аъзолари Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилаётган фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний-маърифий билими юксалиши йўлида тушунтириш ишларини олиб борди, улар билан очиқ мулоқот қилди.
Мазкур учрашувларда Диний идора вакиллари томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг салом ва дуолари ҳамда муборак Қурбон ҳайити муносабати билан табрикномалари Россия Федерацияси Диний идоралари раҳбар-ходимлари ҳамда барча жойлардаги ватандошларимизга ҳурмат билан етказилди.
Ватандошларимиз билан бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов бугунги кунда мамлакатимизда қилинаётган кенг кўламли ўзгаришларга тўхталиб, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби Ҳабибуллохон қори Абдураззаков, Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон Тожибоев, Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Яҳёхон қори Абдураҳмоновлар юртдошларимизга “Ота-онага ҳурмат”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Она-юртимиз қадри”, “Бегона ғоялардан эҳтиёт бўлайлик!”, “Ўзбекистон халқи фарзанди эканлигимизни унутмайлик!” мавзуларида мавъизалар қилиб, уларнинг саволларига батафсил жавоблар бердилар. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги замон талаби эканлигига эътибор қаратиб, кенг тушунчалар бердилар.
Мулоқотларда диний мавзудаги ҳар қандай саволлар билан мурожаатда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли расмий сайт-каналларидан фойдаланишга чақирилиб, зарурат туғилганда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказига боғланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.
Ташриф сўнггида “Меҳнатсеварлик ҳамда динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, соф маънавий қадриятларни ўрнатишга салмоқли ҳисса қўшаётгани учун” делегация аъзолари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон Тожибоевлар алоҳида эътироф этилиб, тақдирландилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

951 марта ўқилди

Янгиликлар

Top