Ўзбекистон янгиликлари

Икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилди

Шу йил 9 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Италия ислом дини жамияти вице-президенти Имом Яҳё Паллавичини билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ҳомиджон домла сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги яқин дўстлик алоқалари мустаҳкамланаётгани, бунда иккала давлат Раҳбарларининг самимий мулоқотлари, ўзаро ташрифлар ва имзоланган олий даражадаги ҳужжатларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстлик, илмий-маърифий, маданий ва зиёрат туризми йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилишга кенг йўл берилганини ҳам алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, Имом Яҳё Паллавичини ҳам самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, бундай ўзгаришлар янада бардавом бўлишини тилади. Ўзбекистон бой маънавий меросга эга экани, ўзи ҳам бир неча кун давомида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги табаррук зиёратгоҳлар ҳамда масжид-мадрасалар зиёратида бўлганини таъкидлаб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби мўътабар зотлар бутун мусулмон дунёсига маънавий устоз эканларини эътироф этди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Италия ислом дини жамияти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

 

 

 

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1017 марта ўқилди

Янгиликлар

Top