Ўзбекистон янгиликлари

Татаристонлик уламоларнинг қувончи чексиз

Кеча, 24 ноябрь куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Татаристон Республикаси уламоларидан иборат делегацияси Самарқанд вилоятига ташриф буюрдилар. Мартабали меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ҳамроҳлик қилмоқда. Самарқандга ташриф жума кунига тўғри келгани муносабати билан, меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий жоме масжидида жума намози адо этдилар ва ибодат сўнгида икки давлат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам бўлиши, бошланаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатишини сўраб дуолар қилдилар.


Мажмуа бўйлаб қилинган зиёрат асносида Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти ва ижоди, ул зот қолдирган бой илмий мерос, шунингдек, бугунги кунда ушбу зотга нисбатан кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибор ҳақида маълумот бериб ўтди. Зайниддин Эшонқулов сўзида давом этиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуага алоҳида эътибор бераётганлари ва яқинда зиёратгоҳ янада обод бўлиш арафасида эканини алоҳида қайд этиб ўтди.


Имом Бухорий ҳазратларининг қабри зиёрат этилгач, Татаристон делегацияси ва самарқандлик уламолар, имом-хатиблар иштирокида Татаристон ва Ўзбекистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.


Учрашувда томонлар зиёрат туризмини йўлга қўйиш, бу борадаги мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, қардошлар, диндошлар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш бўйича фикр алмашиб, маслаҳатлашиб олдилар.


Меҳмонлар Татаристонда яшайдиган мусулмонлар Ўзбекистонга келиш, уламолар юртини, улар қолдирган бой меросни ўз кўзлари билан кўриш ниятида эканларини, дунё эътироф этган олимлар, хусусан Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат қилишга орзумандликларини таъкидладилар.
Татаристонликларнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасида йўлга қўйилаётган зиёрат туризмининг дебочаси экани, келгусида кўплаб зиёратчилар Ўзбекистонга келиш тараддудида эканликлари маълум қилинди.


Ушбу хайрли иш бугунги мураккаб замонда миллатлар орасида нифоқ солишга ҳар томондан уринишлар бўй чўзган пайтда ташкил этилаётгани мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаши, турли фитналар олдига тўсиқ бўлишини томонлар якдиллик билан эътироф этдилар.


Учрашув сўнгида Татаристонда Ўзбекистонга келиш истагидагилар ҳар доим кўп бўлгани, бироқ алоқалар яхши йўлга қўйилмагани боис кўпчилик алломалар юртини зиёрат қилиш имкониятини тополмаганлари, эндиликда йўллар очилиши татаристонликлар томонидан хурсандчилик билан қарши олингани таъкидланди. Ўз навбатида юртдошларимизни Татаристон делегацияси ўз давлатларини зиёрат қилишга таклиф этдилар.
Меҳмонлар Хўжа Донёр зиёратгоҳи ва Регистон ансамблини ҳам зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати

5301 марта ўқилди

Янгиликлар

Top