Ўзбекистон янгиликлари

Измирдаги кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти намойиш этилмоқда

Жорий йилнинг 7 декабрь санасидан “Travel Turkey Izmir-2017” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлагани ва ушбу кўргазмада Ўзбекистон делегацияси биринчи маротаба иштирок этаётгани ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Мабуот хизмати хабар берди.

 

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ягона “Ўзбекистон” Миллий стенди доирасида тақдим этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, Бухоро, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризм соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари, “Зангиота” ва “Ҳаким ат-Термизий” мемориал мажмуаси раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг 12 йирик туристик компанияси вакиллари (East Asia Point, Orient Mice, Azimut  Travel, Asia Tour Elite, Nanay’s Paradise, Expert Navigator, Bukhara Eco Travel, East Line Tour, Ulysee Tour, Uzintour, Ark Travel, Lola Tour Service), ҳаммаси бўлиб 53 киши иштирок этмоқда.

Бу йилги 11-анъанавий “Travel Turkey Izmir-2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида 83 давлатдан бўлган сайёҳлик саноатининг 40 мингдан зиёд вакили 119,400 квадрат метр майдонга эга бўлган замонавий кўргазма комплекси ҳудудида иштирок этмоқда.

 

Кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон делегацияси Туркия Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари, Туркия сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (TURSAB) директор ўринбосари, Туркиянинг маҳаллий ҳокимияти органлари раҳбарлари, хусусан, Ургуп, Эскишаҳар, Кушадаси шаҳарлари мэрлари, хорижий сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашганлари хабар қилинди.

 

Хусусан, Эскишаҳар ва Кушадаси шаҳарлари муниципалитетлари раҳбарлари билан музокаралар чоғида туркиялик ҳамкасблар ҳар икки йўналишда мунтазам равишда сайёҳлик оқимини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарлари билан дўстона муносабатлар ўрнатиш масалаларини ишлаб чиқиш борасида катта қизиқиш билдиришгани қайд этилди.

 

Кўргазма доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан ўтказилган учрашувлар ва музокаралар давомида мамлакат сайёҳлик идоралари, йирик сайёҳлик ассоциациялари ва Туркия сайёҳлик соҳасидаги ишбилармон доиралар вакилларига Ўзбекистон раҳбари томонидан туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.


Хорижий шериклар “Зиёрат туризми” йўналиши бўйича катта салоҳият, инвестициялар, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари билан таништирилди.

4885 марта ўқилди

Янгиликлар

Top