Ўзбекистон янгиликлари

Талабалар 165 номдаги 855 та китоб билан танишдилар

Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, аждодлари бошлаган хайрли ишларни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама комолотга етган авлодни енгиб бўлмайди. Доим ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш, теран фикрлаш, юксак натижаларни қўлга киритиш учун китоб билан ошно бўлиш зарур.

Бугун диний таълим муассасаларида ёшлар таълим-тарбияси, маънавий баркамоллигига эътиборнинг кучайтирилиши, ёшлар келажагига юксак ишонч билдирилаётганидан далолатдир. Шуни инобатга олиб талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан институтда ҳар ойда китоб кўргазма савдоси ташкил этиш йўлга қўйилган.

Мазкур анъанага мувофиқ институт устоз ва талабаларининг диний-маърифий, маънавий ва бадиий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2017 йил 14 декабрь куни Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида ташкил этилган китоб кўргазма савдоси бўлиб ўтди. Кўргазмада институтнинг устоз ва талабалари фаол иштирок этди.

Мазкур кўргазмада Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 165 номдаги 855 дона сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон адабиёти, тарих, юридик китоблар, диний-маърифий адабиётлар, мактаб адабиёти хрестоматияси, болалар адабиёти, Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари тўплами, араб, инглиз, рус ва ўзбек тили луғат китоблари, психологияга оид китоблар, шеърий тўплам китоблар, нашриётимиз ҳазинаси ҳамда ғазал соғинчи рукни остидаги китобларни тақдим қилдилар.

 

Камолиддин МАҲКАМОВ,

ТИИ Ахборот-ресурс

маркази мудири.

3885 марта ўқилди

Янгиликлар

Top