Ўзбекистон янгиликлари

Дональд Трамп Ўзбекистон Президентини АҚШга таклиф қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати бу ҳақда хабар берди.

 

Кеча, 19 декабрь куни бўлиб ўтган мулоқотда икки давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилганлари қайд этилди.

 

Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарларининг 2017 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида ва сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувлари сиёсат ва хавфсизлик, савдо, инвестиция, молия, технологиялар соҳаларида ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашишига хизмат қилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампга Ўзбекистон делегациясининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш мақсадида АҚШга ташрифи чоғида уюштирилган самимий қабул, шунингдек, АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилган йирик бизнес-форум иштирокчиларига йўллаган табрик сўзи ва ушбу анжуманни қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

 

Ўз навбатида АҚШ Президенти Ўзбекистон халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдириб, унинг меҳнаткашлиги таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. У мамлакатимизда амалга оширилаётган, демократик ва иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи, жумладан фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ тадбирларни яна бир бор қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

Шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

 

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

 

Давлат раҳбарлари Афғонистонни иқтисодий тиклашда уни халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этдилар. Шу маънода Афғонистон Президентининг декабрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган муайян лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги келишувларга юксак баҳо берилди.

 

Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга содиқлигини таъкидладилар.

 

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида Президент Дональд Трамп мамлакатимиз раҳбарига АҚШга расмий ташриф билан боришни таклиф этди.

 

Суҳбат якунида икки мамлакат раҳбарлари бир-бирини кириб келаётган 2018 йил билан табриклаб, энг эзгу тилакларни изҳор қилдилар.

3670 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top