Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода “сайёҳлик полицияси” иш бошлади: тил биладиган, одобли, маҳоратлилар саралаб олинди

Бухорода “Хавфсиз туризм” концепцияси асосида ички ишлар идораларининг янги тизимдаги фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Бухоро ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.

 

Бу кўҳна шаҳарнинг бетакрор тарихий обидаларини кўриш, азиз авлиёлар, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун хорижликларнинг қадами узилмайди. Бу ўз навбатида ҳуқуқ тартибот, айниқса, ички ишлар идоралари ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки, ташриф буюраётган турли делегация аъзолари  ва  чет эллик меҳмонлар  хавфсизлигини таъминлаш, уларга нисбатан турли хил кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ички Ишлар Вазирлигининг буйруғи талабларини бажариш юзасидан Бухоро вилоят ҳудудида Хавфсиз туризмни таъминлаш мақсадида ИИБ таркибига кирувчи 43 та штатдан иборат туризм йўналишида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.

 

Соҳа мутахассисларининг фикрича, ушбу тизимнинг жорий этилиши келгусида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг вилоятда сайёҳат қилишлари чоғида қўшимча шарт-шароитларнинг яратилишига имкон яратади. Бундан ташқари, мазкур хужжатда чет эл фуқаролари учун хавфсиз муҳитни яратиш вазифалари ҳам аниқ қилиб белгиланган. Бугунги кунда ана шу қарор ижросини таъминлашга қаратилган концепция устида ҳам соҳа мутахассилари иш олиб бормоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғига биноан, ўтказилган танловда биринчи навбатда хорижий тилларни биладиган, юқори малакали мутахассислар, бундан ташқари, касбий тайёргарликка, юксак аҳлоқий ва маънавий сифатларга, хизмат вазифаларини бажариш бўйича зарурий тажрибага эга бўлган ходимлар танлаб олинди.

 

“Шу боисдан ҳам, хорижликлар учун бугунги замон талбларига жавоб берадиган  барча қулайликларни жорий этиш ҳамда келажакда уларнинг ташрифини янада ошириш мақсадида халқаро миқиёсида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозим бўлади”,- дейди бошқарма раҳбари Эркин Сафаров.

 

Маълумотларга кўра, биргина Бухоро шаҳрида 2018 йилнинг охирига қадар, 10 та замонавий меҳмонҳоналарни барпо этиш, улардаги ўринлар сонини 1210 тага етказиш чоралари кўрилмоқда.

 

Ҳозирда “Қалқон” ягона видеокузатув маркази Бухоро шаҳари ҳудудини ўрнатилган 60 та камералар орқали кузатиб келаётган бўлса, келгусида Бухоро шаҳрига ташриф буюрган хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда “Хавфсиз туризм” дастурий комплекс тизимини жорий қилиш мақсадида ана шундай камералар сонини яна 425 тага кўпайтириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Демак, жойларда 275 та видеокузатув мосламалари, 68 та шахс ва автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини яққол кўрсатувчи видеокамералар, 4 та иссиқликни аниқловчи (тепловизор), 55 та алоқа ташвиш тугмалари, шунингдек, 27 та чорраҳаларда 85 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини ва автомобиль йўлларининг 6 та жойларида тезликни аниқлайдиган видеокамералар ўрнатилиши белгиланди. Бу эса, ўз ўрнида сайёҳлар гавжум бўладиган жойларда назоратни кучайтириш имконини беради ва уларнинг ҳавфсизлигини таъминлайди.

 

Бугунги кунда шаҳарнинг қайси бир гўшасида бўлманг, ҳудудларда ҳушёр ва сергак посбонлар осойишталикни таъминлаш йўлида хизмат олиб бораётганликларининг гувоҳи бўласиз.

 

Бухорода мавжуд бўлган барча ёдгорликлар, ва уларни куриш учун келаётган сайёҳлар алоҳида назоратга олинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

5378 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top