Кеча, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳаж ва умра сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Солиҳ Солим Баҳвайний билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кутиб олишди.
Муфтий ҳазратлари учрашув аввалида сўз олиб, “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келинаётгани, ҳаж ва умра сафарлари муваффақиятли ўтаётганини билдирдилар. Шунингдек, келгуси ҳаж ва умра сафарларида зиёратчиларга хизмат кўрсатишни юқори даражага кўтариш, меҳмонхона, транспорт хизмати ва таомлар сифатини янада яхшилаш, Мино ва Муздалифа водийларида етарли жой ажратишга эришиш ҳамда ишчи, ошпазлар ва тиббиёт гуруҳларини барча зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш каби масалаларни алоҳида қайд этдилар.
Мулоқотда Ортиқбек Юсупов ҳаж ва умра мавсумларида Мадина шаҳрида ҳам янги меҳмонхонани олиш, умумий овқатланиш жойи бўлишига эътибор қилиш, ишчи ва тиббиёт гуруҳларига алоҳида хизмат хоналари ажратиш каби масалалалрни ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Солиҳ Солим Баҳвайний ўзбекистонлик ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат қилиш шараф экани, шу кунга қадар бу борада катта ютуқларга эришиб келинаётгани, натижада, зиёратчиларга ҳамкор эмас, балки бир оиладек хизмат қилинаётганини билдирди. Солиҳ Баҳвайний сўзида давом этиб, юқорида қайд этилган барча масалалар ва талабларни бажаришга имкони борлигини билдириб, ишончни тўла оқлаш учун бор куч-қувватини ишга солишини таъкидлади. У сўзининг якунида ўзаро ишончли ҳамкорлик учун миннатдорлик изҳор қилди.
Учрашув якунида томонлар “Умра–2018” мавсуми бўйича шартнома имзоладилар. Унга кўра, баҳор мавсумида 8500 нафар, рамазон мавсумида 1500 нафар юртдошларимиз умра зиёратини адо этиши белгиланган. "Умра – 2018" баҳор мавсуми 2018 йил 1 февралдан бошланишини режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати