Ҳар бир замонда баркамол авлодни тарбиялаш ўзига хос хусусият ва аҳамият касб этган. Ҳозир ҳам миллати, ватани, дини учун хизмат қилиб келаётган, ана шундай шарафли хизматларни қилиб, ватан равнақига хисса қўшаман деб таълим даргоҳларида ўқиётган ёшларимиз борки, биз улар билан фахрланамиз, қалбимиз ғурурга тўлади.
Ана шундай таълим даргоҳларидан бири бўлган, ўз фаолияти давомида қанчадан-қанча аҳли-илмлар, қориларни етиштирган “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида ҳозирда 123 нафар талаба таълим олмоқда. Уларга шариат илмлари билан бир қаторда дунёвий илмлар ҳам пухта ўргатиб борилади. Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасдиқлаган ўқув режага асосан ўқув дарслари 2-сентябрдан бошлаб, ёзда тугатилади. Қишда эса бошқа таълим даргоҳлари қатори бу ердаги талабалар ҳам қишқи таътилларга чиқарилиб, дам олиш кунлари белгиланади.
Жорий 2017-18 ўқув йилининг қишқи таътил кунлари 2017 йилнинг 28 декабрдан 2018 йилнинг 9-январигача белгилангани муносабати билан 26 декабрь куни билим юрти мудири М.Алимов бошчилигида билим юрти мударрис ва талабалари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда 2017-18 ўқув йилининг 1-ярим йиллик дарс жараёнлари таҳлили, ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Билим юрти ўқув жараёни давомида ҳар ойда ўтказилаётган турли фанлардан ташкил топган фан ойликлари, мусобақа ғолибларига билим юрти томонидан фахрий ёрлиқлар ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда совғалар топширилди. Шунингдек йиғилиш давомида қишги таътил даврида талабалар амал қилиши керак бўлган тартиб қоидалар тушунтириб ўтилди.