Ўзбекистон янгиликлари

Якшанба куни Сирдарёда Қуръон мусобақаси бўлиб ўтади

Келаётган якшанба, 25 февраль куни Сирдарё вилоятида қорилар мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 10 нафар қори, 4 нафар қория ҳаракат қилишади.

Мана, салкам бир ярим ойдирки, юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган Қуръони карим мусобақаси сабаб раҳмат нурлари таралмоқда, Аллоҳ таолонинг Каломига иштиёқманд кўнгиллар ҳидоят, раҳмат ва шифо оятларини жон қалблари билан тинглашмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақасини кўриш, унга сомеъ бўлиб, файзу-раҳмат кечаларида иштирок этиш ниятида юртдошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган каломидир. Шу сабабдан ҳам Қуръон муқаддас илоҳий калом ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон унинг ҳайбатини қалбда ҳис қилиб, ҳурматини ўз ўрнига қўйиши лозим. Мужтаҳид уламоларимиз оят ва ҳадисларга асосланиб, Қуръон ва унинг қироатига тегишли бўлган фиқҳий ҳукмларни батафсил баён қилганлар. Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”.
Ибн Жазвий: “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деган. Мазкур қоидаларга асосан, уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб, қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм чиқарганлар. Баъзи уламолар Қуръон тиловатига қулоқ солмасдан бошқа гап-сўзлар билан машғул бўлиш, шариатга нисбатан одобсизлик бўлишини айтишган.
Мусулмон инсон учун гўзал овозда қироат қиладиган қоридан тиловат қилиб беришини сўраб, уни тинглаши мустаҳабдир. Имом Нававий айтадилар: “Билгинки, кўпчилик уламолар чиройли овозли қироат соҳибларидан тиловат қилиб беришларини сўрашиб, уларни тинглашар эди”.
25 февраль, якшанба куни Сирдарё вилояти бўйича Қуръон мусобақасининг вилоят босқични бўлиб ўтади. Шундай экан азизлар, дам олиш кунингизда онгу шуурларимизга қувват бўлаётган, илоҳий файзли онлардан баҳраманд бўлишга ошиқинг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3078 марта ўқилди

Янгиликлар

Top